Yangiliklar

Equipment 71 14 Jan 2026

ХОРАЗМ ТИББИЁТИДА ЯНГИ САҲИФА: ВИЛОЯТДА ИЛК БОР ЖИГАР ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ АМАЛИЁТИ МУВАФФАҚИЯТЛИ БАЖАРИЛДИ

ХОРАЗМ ТИББИЁТИДА ЯНГИ САҲИФА:
 ВИЛОЯТДА ИЛК БОР ЖИГАР ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ АМАЛИЁТИ МУВАФФАҚИЯТЛИ БАЖАРИЛДИ
✏️Инсон ҳаётини сақлаш қолишга қаратилган ҳар бир ҳаракат  тарихдир. Айрим воқеалар эса нафақат бир инсон тақдирини, балки бутун бир ҳудуд тиббиётининг тақдирини белгилаб беради. Кеча вилоятимизда ана шундай воқеа содир бўлди - илк бор жигар трансплантацияси амалиёти  муваффақиятли бажарилди. Бу ўз навбатида мамлакатимизда амалга оширилаётган  инсонпарварлик сиёсатининг  ва замонавий тиббиёт тараққиётининг ёрқин самарасидир.
Қўшкўпир туманида яшовчи 54 ёшли Раъно Матёқубова бир неча йиллар давомида жигар циррози билан курашиб келарди. Касаллик терминал босқичга ўтган, ягона нажот сифатида жигар трансплантацияси тавсия этилган эди.
Оила аъзолари Раъно опани Ҳиндистонга олиб боришга қарор қилдилар. Аммо, Ҳиндистонда ўтказиладиган амалиёт харажатларини  унча-мунчанинг чўнтаги кўтармайди. Оила аъзолари  имконият излашдан тўхтамади. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбарлари ҳузурига келиб, маслаҳат сўрашди. Марказ мутасаддиларининг: “Биз яқин вақт ичида жигар трансплантациясини йўлга қўямиз. Агар хоҳласангиз, Раъно опага шу ернинг ўзида амалиёт ўтказишимиз мумкин,”- деган сўзлари оила аъзоларини руҳлантирди.
Бу гаплар қуруқ ваъда эмас эди. Марказда анчадан жигар трансплантацияси учун тайёргарлик ишлари  олиб борилаётган, мутахассислар малака оширган, замонавий ускуналар жамланган эди.
Республика миллий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда ушбу амалиётга пухта тайёргарлик кўрилди. Кенг қамровли тиббий текширувлар натижасида беморнинг 1991 йилда туғилган ўғли Жалолбек Хўжаев донор сифатида барча тиббий кўрсаткичларга мос келиши тасдиқланди. 
‼️Республика миллий тиббиёт маркази директори ўринбосари Жасур Собиров раҳбарлигида, Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг тажрибали жарроҳлари томонидан 8 соат давом этган ўта мураккаб жигар трансплантацияси амалиёти муваффақиятли якунланди. Ҳозирда донорнинг ҳам, беморнинг ҳам саломатлиги стабил бўлиб, шифокорлар назоратида.
✔️Шуни  алоҳида таъкидлаш керакки, илк жигар трансплантацияси амалиётининг харажатлари давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди. 
Айни пайтда Хоразм вилоятида 500 дан зиёд  бемор жигар циррози ташхиси билан рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 100 нафардан зиёди декомпенсация босқичида. Жигар трансплантациясини вилоятнинг ўзида мунтазам йўлга қўйилиши ушбу беморлар учун ҳаётга қайтиш имконияти, умид ва ишонч демакдир.