Yangiliklar
Электрон рецепт тизими: дорихоналар фаолиятида янги босқич
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан вилоят прокуратураси ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги тиббиёт муассасалари ҳамда дорихона вакиллари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди. Семинарда шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошкармаси масъул ходими, онлайн тарзда шаҳар ва туманлардаги барча шифокорлар, дорихона фаолиятини олиб борувчи тадбиркорлик субъектлари, жами 3 мингдан зиёд масъуллар иштирок этди.
‼️Тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрда қабул қилинган 570-сонли қарори мазмун-моҳиятини дорихона тизимида фаолият юритаётган мутасаддиларга атрофлича тушунтириш, электрон рецепт орқали дори воситаларини тайинлаш ва расмийлаштириш тартибига оид янгиликлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Семинарни Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи К. Тангрибердиев очиб бериб, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, дори воситалари айланмасида шаффофликни таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишда электрон рецепт тизимининг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Хоразм вилояти бўйича бош мутахассиси Асқар Жуманиёзов электрон рецепт орқали тайинланган дори воситаларини расмийлаштириш тартиби, шунингдек, лицензия шартларига киритилган ўзгартишлар ҳақида атрофлича тақдимот қилди.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жуманазар Қурбанов рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби, унинг ҳуқуқий ва амалий жиҳатлари хусусида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, семинар давомида Рақамли технологиялар вазирлигининг Хоразм вилояти ҳудудий шўъбаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Иқтисодиёт ва молия бошқармаси, Адлия ҳамда Солиқ бошқармалари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, электрон рецепт тизимини жорий этишда идоралараро ҳамкорлик, назорат ва ҳуқуқий масъулият масалаларига тўхталдилар.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.