Yangiliklar
Вилоят жаррохлар йиғилиши бўлиб ўтди.
Илмий ҳамжамият йиғилиши ўтказилди
Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази қошидаги вилоят хирурглари илмий жамияти ҳамда анестезиолог-реаниматологлар йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятимизда фаолият юритаётган барча хирурглар, анестезиолог-реаниматологлар, шунингдек, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бош шифокорлари иштирок этдилар.
Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Кўпалбой Тангрибердиев олиб борди.
Йиғилиш аввалида 2025 йил 4 октябрь куни вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимовнинг тиббиёт ходимлари билан учрашуви ҳақида маълумот берилди. Ушбу учрашувда ҳоким томонидан тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар — шифокорлар билан аҳоли ўртасидаги мулоқот маданияти, тиббий хизматлардан фойдаланувчиларнинг розилигини таъминлаш, соҳадаги камчилик ва ечимлар ҳақида очиқ мулоқот бўлиб ўтгани қайд этилди.
Йиғилиш давомида вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги айрим муаммолар, жумладан, вилоят хирургияси йўналишидаги долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Тадбирда абдоминал хирургия бўлими жаррохи Н. Матқурбановнинг “Жигар эхинококкэктомиясидан кейинги асоратлар хавфи ва прогнозининг комплекс стратификациялаш усули” мавзусидаги илмий иши ҳам муҳокама марказида бўлди. Унинг тадқиқоти жигар жарроҳлигидаги хавфни баҳолаш ва асоратларни олдини олиш бўйича илмий-назарий аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Тиббиёт ходимларига касбий маҳоратини ошириш, замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этиш ва халқимизни тиббиётдан рози қилиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.