Новости

Equipment 531 09 Mar 2023

Тиббиёт тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилди

Опа-сингилларимизга тенгсиз латофат ва нафосат соҳибалари, дея таъриф берамиз. Эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фаришталари сифатида эъзозу эҳтиром кўрсатамиз.
 Табиат чирой очиб бораётган мана шундай шукуҳли кунларда тиббиёт тизимида меҳнат қилиб келаётган дилбар ва мунис ходималарни 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан қутлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигида байрам тадбири ташкил этилди.

Айём сурури вазирлик биноси остонасидан бошланди. Бу ерда вазир Амрилло Иноятов бошчилигидаги масъуллар тизимда фаолият кўрсатаётган ҳар бир хотин-қизни гуллар билан қарши олди. Шундан сўнг вазир соҳадаги барча опа-сингилларимизга видеоконференция орқали табрик йўллади.

— Кеча Президентимиз фармони асосида юксак давлат мукофотларига лойиқ кўрилган бир гуруҳ хотин-қизлар сафида тиббиёт ходимларининг ҳам борлиги бу шарафли касб эгалари меҳнатига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва эҳтиром намунасидир, — деди А.Иноятов.

Байрам тадбири сўнгида вазирлик хотин-қизларига эсдалик совғалари топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.