Новости

Equipment 570 13 Feb 2023

Хоразм, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида радиотерапия марказлари ташкил этилади

Юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор улуши йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу эса соҳада соғлом рақобатни таъминлаш орқали тиббий хизмат сифатини янада ошириш имконини бераётир.

 Айтиш керак, кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасаларига божхона имтиёзлари узайтирилди, улардан ундириладиган мажбурий туристик йиғим бекор қилинди, чет элдан мутахассисларни жалб этиш соддалаштирилди.

 Натижада хусусий тиббиёт муассасалари сони 8300 тага етди.

 Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан 29 та хусусий тиббиёт муассасаси шартнома асосида иш бошлади ва 3 млрд. сўмлик тиббий хизмат кўрсатди.

 Айтиш керак, 2023 йилдан бошлаб, ушбу йўналишда бир қатор янгиликлар кутилмоқда.

Унга кўра:

 хусусий клиникаларни лицензиялашда тўланадиган бож ва йиғим миқдори ҳужжатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлардан келиб чиққан ҳолда табақалаштирилади.

 лицензия шартларига рақамлаштириш ва дори воситалари таъминотига доир талаблар киритилади.

Хабарингиз бор, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Нукус шаҳрида 150 нафар, Хоразм вилоятининг Урганч ва Боғот туманларида 250 нафар, Тошкент шаҳрида эса 700 нафар беморга хизмат кўрсатувчи 4 та янги гемодиализ маркази фаолияти йўлга қўйилган эди.

 Эндиликда давлат-хусусий шериклик асосида халқаро стандартлар бўйича Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида нурли (радио) терапия марказларини ташкил қилиш ишлари бошланади.

 Қолаверса, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида замонавий кўп тармоқли тиббиёт шаҳарчасини барпо этишга киришилади.

Шунингдек:

 Сингапур билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида репродуктив марказлари ташкил қилинади.