Новости
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Содиқов вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, ноёб жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирган беморлар ҳолидан хабар олди.
Хусусан, эндиликда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида тизимли йўлга қўйилди. Яқинда хивалик 33 яшар Бахтиёр Мадримовда ана шундай амалиёт муваффақиятли бажарилди. Ушбу амалиёт маблағлари давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди. Ўнг томонлама уйқу артериясси 80 фоиз торайиши ташхиси билан жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган 67 яшар М. Ҳайитбоева, чап томонлама эндопротезлаш операцияси ўтказилган 46 яшар М. Раҳимовалар ҳам ўзларини яхши ҳис қилаётганликларини билдирдилар. Ушбу амалиёт ҳам давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўтказилгани, мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг олий намунасидир. - Жарроҳлик аралашувлари беморларни оғир асоратли хасталиклардан фориғ қилишда муҳим саналади. Шу боис 2023 йилда 3 минг нафар беморда юқори технологияли амалиётлар ўтказилиши режалаштирилди. Ушбу амалиётларнинг аксарияти замонавий методларни қўллаган ҳолда каминвазив тарзда бажарилади. Рақамлар асосида таҳлил қиладиган бўлсак, юрак туғма нуқсонли беморларга 30 та окклюдер имплантацияси, 200 та эндопротезлаш, 1000 та лапароскопия, 1750 та стентлаш, шунтлаш ҳамда эндоваскуляр амалиётлар ўтказилиши белгиланган,-дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Содиқов. Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати